Диққат! Давлат статистика ҳисоботининг ойлик шаклларини тақдим этиш муддати 5 июндан 7 июнга кўчирилмоқда

TADBIRKORLAR UCHUN

Obuna bo'ling!

Please enable your javascript to submit this form

Аксар иқтисодчилар тараққиёт суръатини ифода этишда статистикага таянади. Шундан осони йўқдек. Амалда-чи? Нима ўзгараяпти? Ҳақиқатан ҳам иқтисодий салоҳиятимиз ошмоқдами?

Очиғи, рақаму кўрсаткичлар бошқа, кўз билан кўриб билганга, ҳаётда ҳис қилганга ҳеч нима етмайди. Куни кеча Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Президент соврини учун "Ташаббус" кўрик-танловнинг ҳудудий босқичи шунга имкон берди. Ўз тумани, шаҳрида энг яхши, дея топилган, ўз навбатида сўнгги вақтда фаолиятида катта натижаларни қўлга киритган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар қатнашди унда.

Тадбирни ўтказиш учун танланган вилоят мусиқали драма театри шу куни қатнашчи кўплигидан жуда гавжум бўлди. Шундай бўлиши ҳам керак эди аслида. Негаки ўтган йилдан эътиборан кўрик-танлов янги форматда ташкил этилмоқда.

Сир эмас, тадбиркор деса, фақат ишлаб чиқарувчини тушуниб қолганмиз. Натижада хизмат кўрсатиш соҳасида ўзини кўрсатаётган ишбилармонлар илгари муносиб эътироф этилмасдан қолаётганди. Бизнесга эндигина қадам қўйган, танловда иштирок этиб келган ёш ишбилармонларга ҳам ҳадеганда нон тегмасди. Шуни ҳисобга олиб, барчага тенг имконият ва шароит тақдим этиш мақсадида қамров кенгайтирилди.

"Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" деган алоҳида йўналиш таъсис этилди. Тадбиркорлик йўналишининг ўзи эса икки қисмга - ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ажратилди. Шу тариқа, асосий йўналишлар сони 5 тага етказилди. Ҳар бир ҳудуддан 5 тадан талабгор келган бўлса, кўрик-танловда ғолиблик учун кураш олиб борган тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар сони 70 нафардан ошиб кетди. Ҳамма иштирокчи ўз маҳсулотлари ва хизматлари кўргазмасини ажойиб ташкил этишга ҳаракат қилгани бир қарашда сезилиб турди. Асосийси, стендларда ранг-баранглик, бир-бирини такрорламаслик яққол кўзга ташланди.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини кўтаришга амалда устувор аҳамият берилмоқда. Бу ишлар самарасига холис баҳо бериш учун эса мана шу кўрик-танлов асқатади. Унинг вилоят босқичида қатнашчилар илгари сурган янгиликлар, илғор ташаббусларга ҳам шу яқин орада қўл урилган. Намойиш этилган аксар янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилганига, хизматлар йўлга қўйилганига ҳали кўп бўлмаган.

Масалан, Қарши шаҳридаги "Biss electronics system" корхонаси томонидан истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилиб, бултур вилоятимизда биринчи марта телевизор ва чангютгич каби электротехника маҳсулотлари тайёрлаш қуввати ишга туширилди. Тадбиркорлик субъекти ушбу импорт ўрнини босувчи товар билан ички бозордан ишончли ўрин эгаллашга ҳам улгурди. Корхона мутасаддилари танлов баҳонасида янги режалари билан ҳам ўртоқлашишди. 2020 йилда яна бир харидоргир маҳсулот - кондиционер ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсад қилинган.

Дарҳақиқат, саноат Қашқадарёнинг етакчи тармоғидир. Мазкур жабҳада ҳудуд ҳатто республикада ҳам алоҳида тилга олинишини эслатишга ҳожат йўқ. Аммо ҳали бу соҳада қилиниши керак бўлган иш кўп. Ички салоҳиятдан унумли фойдаланиш зарур. Замонавий технологияларни фаол жалб этиб, муҳим хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш тармоқда сифат ўзгаришлари ясашга хизмат қилади. Аҳамиятлиси, охирги пайтда бундай кўламдор лойиҳалар кўпайган. Асосан хусусий сектор вакиллари бунда ташаббускор бўлиб чиқаётганини қайд этиш лозим.

- Фаолиятимиз бевосита қайта ишлаш билан боғлиқ, соҳада қарийб 20 йиллик тажрибага эгамиз, - дейди Китоб туманидаги "Агромир Китоб" қўшма корхонаси раҳбари Абдужалол Авлоқулов. - Саноатбоп узумдан 6 хил яримфабрикат - виноматериали тайёрлаймиз. Ахир ҳудудда бунга катта имконият мавжуд. Хомашё маҳсулот етиштирувчи кўп. Қувватлар анча эскириб қолгани сабаб ўтган йили модернизацияни амалга оширдик. Италиядан маҳобатли, энергиятежамкор ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Оқибатда сифат яхшиланди, самарадорлик ортди. Мавсумда 3 минг тоннагача узумни қайта ишлаш имкони бор. Маҳсулотимиз экспортбоп эканини ҳам таъкидлаш ўринли. 2018 йилда қарийб 350 минг долларлик виноматериалини Россияга экспорт қилган бўлсак, жорий йилнинг шу кунигача бу кўрсаткич 150 минг АҚШ долларига тенг бўлди.

Тадбирда паррандачилик, озиқ-овқат, енгил ва мебель, қурилиш саноати маҳсулотлари ҳам кенг намойиш этилди. Уларнинг ўзига хослиги, турининг кўплиги меҳмонларни ҳам бефарқ қолдирмади.

Вилоят босқичида хизмат кўрсатиш жабҳаси салоҳияти тўлақонли очиб берилмади, десак ҳайрон бўлманг. Чунки танлов ташкилотчилари соҳанинг фаолият йўналишини яхшироқ аниқлаштириб олиши керак кўринади. Акс ҳолда, айрим ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни хизмат кўрсатиш сектори вакили сифатида таништиришмасди. Ғолибликка баъзи даъвогарлар ўз кўргазмасида нуқул текстиль маҳсулотларини тақдим этишди. Шунингдек, меҳмонхона ва жойлаштириш, умумий овқатланиш, туризм, транспорт ва логистика, молия ва ахборот хизматлари намояндаларини деярли учратмадик. Хусусий сектор иштироки давлат даражасида қўллаб-қувватланаётган, жадал ривожланаётган мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш тизими тадбиркорлик субъектлари ҳам қуйи босқичларда негадир ўзини кўрсатолмаган, бу ергача етиб келмаган. Бироқ айни йўналишга мос иштирокчилар ҳам оз эмасди.

- Бу босқичда биринчи марта қатнашишимиз, - дейди Косон туманидаги "Мамадиев Ёрқул бобо" хусусий корхонаси раҳбари Асадулло Мамадиев. - 10 йилдан ошибдики, полиграфия хизмати кўрсатиб келамиз. Турли баннер ва пешлавҳаларга ёзув, сурат босамиз. Хизмат тури ҳам кенгайди. Яқинда "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида тижорат банкидан 84 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. Цех қуриб, МДФ материалидан безакли лист тайёрлашни йўлга қўйдик. Аҳоли буюртмаси бўйича таъмир ва ўрнатиш ишларини ҳам ўзимиз бажараяпмиз. Барча меҳнат оила аъзоларимиз ўртасида тақсимланган, четдан ишчи ёлламаймиз.

Қайд этиш керак, кўрик-танлов ёш ишбилармонларга ҳам ўзини кўрсатиш, қобилиятини намоён этиш учун ҳар томонлама қўл келди. Ташаббускор ва илғор иштирокчиларнинг кўплиги эса рақобат кучли бўлишини таъминлади. Қизиғи, уларнинг аксарияти ўтган йили ўз мустақил бизнесини бошлаган ёки янада ривожлантирган. "Ёшлар - келажагимиз" дастури бунда ёшларга асосий кўмакчи бўлган.

- Дастур асосида менга бултур тегишли жамғарма томонидан 157 миллион сўм молиявий ёрдам ажратилганди, - дейди Касби туманилик якка тартибдаги тадбиркор Аъзам Панжиев. - Лойиҳам мебель буюмлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришни кўзда тутади. Дарҳол амалий ишга киришдим. Қўшимча дастгоҳ ва хомашё харид қилиб, ихчам ва замонавий қувватни ишга туширдим. 2018 йилнинг ўзида 1 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулотни реализация қилишга эришдик. Ҳозирда эса боғчалар учун турли ўлчамдаги каравот, шкаф, стол-стул каби жиҳозларни ясашга асосий эътибор қаратганмиз. Боиси, туманимизда хусусий мактабгача таълим муассасалари сони ортаяпти. Бошқа бир бизнес-режам металл конструкциялар ишлаб чиқаришни ташкил этишга тааллуқли. Бу масалада ҳам дастурга мурожаат қилмоқчиман. Ташаббус ҳаётга татбиқ этилса, 5 нафар тенгдошимни фойдали иш билан банд этаман. Бу каби танловлар эса биз, ёшларни янгиликларга руҳлантирди.

Тан олиш лозим, аҳоли даромадини ошириш, иш ўринларини яратишда ҳунармандчиликка тенг келадигани йўқ. Кўпинча қўл меҳнатига асослаган бу соҳанинг мавқеи жуда юксалди, миллий қадрият сифатида янада равнақ топтиришга кенг шароит ҳозирланди. Бугун бирор бозор йўқки, ҳунармандларнинг ўз маҳсулотини сотишига жой ажратилмаган бўлса. Ҳатто туристлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудларда ҳунармандчилик марказлари, устахоналар ташкил этилиб, уларнинг эмин-эркин фаолият юритишига қулайлик яратилаяпти. Бўш бино, асбоб-ускуна ва хомашё олиш муаммоси бор ҳунармандларга зарур ёрдам ўз вақтида кўрсатилмоқда, маблағ етишмаса, имтиёзли кредит билан сийланаяпти.

Бу сафар ҳам ушбу соҳа вакиллари ташкил этган стендлар ранг-баранглиги билан кўрик-танлов чиройига чирой қўшди, тадбирга миллийлик руҳини берди. Ҳунармандчиликнинг айрим йўналишларида Қашқадарё мактабининг муҳри яққол билиниб турди.

- Қарийб 20 йилдан бери чилангарлик ҳунарим ортидан нон ейман, - дейди танловнинг вилоят босқичи қатнашчиси, Қарши шаҳрилик Соҳиб Ярқулов. - Асосан металл буюмларга ишлов берамиз. Темирдан уй-рўзғор буюмлари ясаймиз. Маҳсулотимизга доим харидор бор. Қўл меҳнатини бироз камайтириш, буюмларимиз рақобатдошлигини ошириш мақсадида янги ускуна харид қилдик. Натижада биз таклиф этаётган маҳсулот тури ҳам анча кўпайди. Танловга энг яхши ишларимизни олиб келдик.

Ҳозир қаерга қараманг, фермерман деган киши борки, чин маънода ҳаракатга тушган. Сабаби, ерни олиб, шунчаки унга эгалик қилиб ўтиришни давр кўтармайди. Фақат бир тармоқда ишлаб, арзимаган натижа кўрсатиш эса талабга жавоб бермайди. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида бора-бора кўп тармоқли фаолиятга ўтиш фермер хўжаликлари учун шарт қилиб қўйилгани ҳам шундан. Бекорга эмас бу, албатта. Қишлоқ мулкдори деган номга даъвогарми, излансин, янгилик қилсин, илм-фан ютуқларини амалиётга фаол татбиқ этсин.

- Ўтган йиллар давомида янги-янги тармоқларни йўлга қўйиб, ҳеч бир зиён кўрганимиз йўқ, - дейди Деҳқонобод туманидаги "Илҳом олмазор" фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Алишеров. - Қайтанга даромадимиз, моддий манфаатдорлигимиз ортди. Ишни боғдорчиликдан бошлаганмиз. 6 гектар майдонда ҳўл мева етиштирамиз. Шу вақтгача фақат аҳолига маҳсулот сотган бўлсак, ўтган йилдан қайта ишлаш корхоналарини ҳам сархил олма билан таъминлашга киришдик. Шарбат ишлаб чиқарувчига 10 тоннадан зиёд мева етказиб бердик. Бундан ташқари, яқинда сиғими 250 тонналик бетон ҳовуз қуриб, баликчиликка қўл урдик. Чавоқ ташлаб, боқаяпмиз. Кузда харидорларга луқмаи ҳалол таклиф этишни бошлаймиз. Чорвачилик ва паррандачилик ҳам муҳим тармоқлар биз учун. Тасарруфимизда 100 дан ошиқ ҳисори қўй, 500 курка, 500 товуқ, 20 бош соғин сигир бор. Нуфузли танловда ўз имкониятларимизни яхши томондан намойиш этишга ҳаракат қилдик.

Натижа, ютуқ борми, уни эътироф этиш, ўз ўрнида рағбатлантириш ҳам керак. Кўрик-танлов вилоят босқичи ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда қатор мезонларга таянишди. Уларнинг хулосасига кўра, йилнинг энг яхшилари номлари эълон қилинди.

Саноат соҳасида "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида учинчи ўрин Қарши туманидаги кенг турдаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Гулшан" хусусий корхонаси раҳбари Мунисхон Очиловага, иккинчи ўрин "Агромир Китоб" қўшма корхонаси раҳбари Абдужалол Авлоқуловга насиб этди. Шаҳрисабз туманидаги тухум етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи "Эко парранда" МЧЖ раҳбари Муҳиддин Умидов эса ғолиб деб топилди.

Даволаш ва соғломлаштириш хизматини йўлга қўйган икки қатнашчи - Шаҳрисабз туманидаги "Оқсув шамоли" хусусий корхонаси раҳбари Неъматулло Холмуродов ва Китоб туманидаги "Китоб сифат қурилиш" МЧЖга қарашли "Саломатлик маркази" раҳбари Қобил Бобоев хизмат кўрсатиш соҳасида "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида мос равишда учинчи ва иккинчи ўринларни бўлиб олишди. Яккабоғ туманидаги ёшларни турли касбларга ўқитишни ташкил этган "Сетора имкон плюс" МЧЖ раҳбари Наргиза Саломова юқори ўринга муносиб кўрилди.

"Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" йўналишида ғолибларни аниқлаш бироз қийинчилик туғдиргани турган гап. Ҳакамлар эса Қарши шаҳридаги "Зафар Ғолиб экспресс" МЧЖ раҳбари Ғолиб Пирназаровга биринчи ўринни беришга қарор қилишди. Тикувчилик фаолиятини ривожлантираётган, Косон туманидаги "Косон ривож текстиль" оилавий корхонаси раҳбари Лобар Қурбонова иккинчи ўринни эгаллади. Касби туманилик ёш тадбиркор Аъзамжон Панжиевга учинчи ўрин берилди.

"Йилнинг энг яхши фермери" йўналишида ҳам фаолиятида юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришган қатнашчилар муносиб тақдирланди. Жумладан, Касби    туманидаги кўп тармоқли субъект - "Юрт-ризқи наслчилик" МЧЖ раҳбари Насрулло Худойбердиев етакчиликни қўлга киритди. Китоб туманидаги "Абдумуродов Қаҳрамон" фермер хўжалиги раҳбари Қаҳрамон Хўжанов мазкур йўналишда иккинчи бўлди. Миришкор туманидаги "Гумбаз кўл" фермер хўжалиги учинчи ўрин билан кифояланди.

"Йилнинг энг яхши ҳунарманди" йўналишида китоблик ёғоч ўймакори Обиджон Тўраев биринчи, ғузорлик заргар Шарифжон Раупов иккинчи ва шаҳрисабзлик кулол Рустам Музаффаров учинчи ўрин билан тақдирланди.

Ғолибликни қўлга киритган тадбиркор, ҳунарманд ва фермер ҳамда ёшларга кўрик-танловнинг финал   босқичига йўлланмалар берилиб, махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шунингдек, танловда бир қатор фаол иштирокчилар "Энг яхши тадбиркор аёл", "Энг яхши инновацион лойиҳа муаллифи", "Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор", "Энг яхши оилавий бизнес соҳиби", "Энг яхши экспортчи", "Энг масъулиятли ижтимоий шерик", "Йилнинг энг яхши маҳсулоти", "Менинг юртим - менинг ифтихорим" каби номинациялар бўйича рағбатлантирилди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

 Суратларда: кўрик-танлов лавҳалари.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Manba: qashqadaryogz.uz

Қишлоқ хўжалиги

Мамлакатимизда чучук сувнинг энг йирик истеъмолчиси қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳисобланади. Бинобарин, деҳқончилик ишларининг ривожи ҳар жиҳатдан сувга боғлиқ, бироқ у ҳисобсиз эмас.

Биргина вилоятимиз мисолида олиб қарайлик. Бугунги кунда ҳудудга   деҳқончилик ишлари учун йиллик ўртача 6,5-7 миллиард куб атрофида сув лимити ажратилади. Бу мавжуд эҳтиёжни қоплайдиган энг минимал миқдор. Боз устига бизда фойдаланилаётган сувнинг асосий қисми, яъни ўртача 83 фоизи қўшни республикалар ҳудудида шаклланади. Шу билан бирга ана шу ресурсни деҳқон даласига қадар етказиб бериш ҳам осон иш эмас, катта сарф-харажатлар талаб этади.

Мана шу омиллар сабаб бизда сувдан оқилона фойдаланиш, соҳага сувни тежашга қаратилган янги лойиҳаларни изчиллик билан жорий этиш устувор масалага айланди. Шунга монанд, қатор чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда. Сув тежовчи қурилмалар, улар эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи субъектлар, ўз фаолиятида тежамкорликка асосланган лойиҳаларни жорий этаётган хўжаликлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, турли имтиёзларга эга бўлаяпти.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, дастлаб мамлакатимизда томчилатиб суғориш тизимларини оммалаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги тегишли қарори асосида бошланган эди. Унга кўра, 2014-2017 йиллар давомида асосан боғ ва узумзорларда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги "Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори эса бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Қарор билан 2019-2020 йиллар давомида томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш, фермер хўжаликлари пахта далаларига босқичма-босқич сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича тегишли "Йўл харитаси" тасдиқланди.

Бу борада вилоятимизда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудудда ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг 2018 йил 29 декабрдаги қарори қабул қилиниб, амалга ошириладиган ишлар режаси белгилаб олинди.

Айни пайтда вилоятда 13 та фермер хўжалигининг 293 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун, фермер хўжаликларига АТБ "Агро банк" томонидан 5 миллиард 556 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланган бўлса, шу кунга қадар 2 миллиард 778 миллион сўм маблағ ижрочи пудрат корхоналари ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Буюртмачи фермер хўжаликлар пахта далаларига томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш ва монтаж қилиш бўйича ишлар олиб бормоқда.

Чироқчи туманидаги "Бобохўжа" ҳамда "Кўм-кўк яшил боғ" фермер хўжаликлари мулкдорлари ҳам ғўзани томчилатиб суғориш тизимини жорий этишга бел боғлашган. Уларнинг бу ташаббуси банк томонидан молиявий қўллаб-қувватланиб, умумий 64 гектар майдонда томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш учун ҳозирги кунга қадар 580 миллион сўм кредит маблағи йўналтирилган. Айни пайтда таъминотчи корхона Туркиядан барча зарур эҳтиёт қисмларни келтириб монтаж ишлари олиб бормоқда.

Нишон туманидаги "Саидалиев Муҳриддин" фермер хўжалигининг 32 гектар майдонида ҳам томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш кўзда тутилган. Бунинг учун АТБ "Агробанк" Қамаши туман филиали билан 640 миллион сўм кредит ажратиш бўйича шартнома мавжуд. Ҳозиргача ушбу маблағнинг 266 миллион сўми таъминотчи корхонага ўтказиб берилган бўлиб, қурилиш ишлари бошланган.

Тумандаги "Фармонов Зиёдулла" фермер хўжалиги мулкдорлари эса вилоятда биринчилардан бўлиб ушбу тизимни ўрнатиб, ундан аллақачон фойдаланишни бошлашган.

Фермер Зиёдулла Фармоновнинг таъкидлашича, айни пайтда 42 гектар ерда томчилатиб суғориш тизими мавжуд. Бу сувни тежаш билан бир қаторда, ишчиларнинг меҳнатини ҳам жуда енгиллаштирмоқда.

Шунингдек, Ғузор туманидаги "Ғузор Агро файз", "Исомиддин ўғли Исломбек", "Тошғузор Бойсун", Косон туманидаги "Самандар Нурдиёр", "Қудрат ота ЕТ", Миришкор туманидаги "Моҳидил Севинч" ҳамда Қамаши туманидаги "Ашир ота", "Эрназарова Дилдора" фермер хўжаликларида ҳам пахта майдонларига намунавий лойиҳа асосида томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

- Ушбу лойиҳанинг афзаллиги шундаки, экинни суғориш учун зарур миқдордаги сув аввал махсус қазилган ҳовузда тўпланади, - дейди Пахта селекцияси уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Қашқадарё илмий тажриба станцияси мутахассиси Шукур Жумаев. - Сўнг фильтрланиб, насос ёрдамида асосий қувурга, ундан эса экин майдони бўйлаб тортилган махсус тешикчали кичик полиэтилен қувурларга ҳайдалади. Ундан сув томчилаб чиқади ва ғўзага керакли намни таъминлаб беради.

Яна бир афзаллиги, ушбу технологияда пахта эгатларига плёнка тортиш кўзда тутилган. Сув қувурлари унинг остидан ўтади. Натижада намнинг сақланиш даражаси жуда юқори бўлади, жўякда бегона ўтлар бўлмайди. Мавсум давомида экинга барча минерал ўғитлар сув билан берилади, техника харажатлари қисқаради. Сув сарфи ўртача 40 фоизга камаяди. Ҳосилдорлик ошади, ҳосил анча эрта етилади.

Тежамкор технология асосида юзага келадиган ана шу каби қулайликлар ҳақида соҳа ходимлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги маблағлари асосида яратилган "Томчи" мобиль иловаси ёрдамида ҳам таништириб берилаяпти.

- Илова фермерлар, сув хўжалиги мутахассислари ёки бошқа қизиқувчиларга суғоришнинг тежамкор услублари ҳақидаги ахборотларни олиш, томчилатиб, парлатиб суғориш технологияларини жорий қилишнинг тахминий сарф-харажатларини олдиндан ҳисоблаб чиқариш имконини беради, - дейди "Аму-Қашқадарё" ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси сув ресурслари бўлими бош мутахассиси Ҳабибулло Маманов. - Шунингдек, иловада томчилатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш, монтаж қилиш хизматини кўрсатадиган барча корхоналар, уларнинг хизмат турлари ҳақидаги маълумотлар жамланган.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда пахта майдонларида сув тежовчи лойиҳаларни кенг оммалаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар бошланган. Шу билан бир қаторда, камчиликлар, белгиланган лойиҳаларнинг ўз вақтидан кечикиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Мисол учун, биз юқорида санаб ўтган фермер хўжаликларида тизим мавсум бошиданоқ ишга туширилиши керак эди. Лекин уларнинг аксариятида қурилиш, монтаж ишлари ҳали якунлангани йўқ, баъзиларида энди бошланмоқда. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган тадбирда ҳам бу жиҳатга эътибор қаратилиб, қатор ҳудудлар, шу жумладан, вилоятимизнинг айрим туманларида олиб борилаётган бу борадаги ишлар кечиктирилгани, томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хомашёси етиштириладиган майдонларнинг ҳар бир гектарига ажратиладиган субсидияларнинг ўз вақтида ажратилмагани танқид қилинди.

Бу бежизга эмас. Суғоришнинг тежамкор технологияларини жорий қилиш мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожининг эртасига бевосита таъсир кўрсатади. Чунки биз сув ресурслари тақчиллиги доимий хавф солиб турадиган ҳудудда яшаймиз. Шундай экан, соҳада илғор, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш жуда муҳим, қолаверса, бу давр талаби ҳамдир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 Manba: qashqadaryogz.uz

Қишлоқ хўжалиги

Унумдорлиги паст, сувдан йироқ ердан имкон топиб тўғри фойдалана олган деҳқон уқувли ва тадбирлидир. Бугун ўз ишини шу тахлит ташкил этаётган соҳибкор олдида иложсиз деган нарса бўлиши мумкин эмас. Кичик имкониятдан ҳам катта самара чиқаришга қодир, бир қарашда фойдасиздек кўринган жойда деҳқончилик қилиб, юқори ҳосилдорликка эришаётган юртдошларимиз талайгина. Лалми ерда полизчилик билан шуғулланиб ҳар йили бозорларимиз тўкинлигига ҳисса қўшаётган чироқчилик миришкорлар тажрибаси бунга мисол. Сўнгги пайтда ушбу эзгу анъана кенг қулоч ёзаяпти, тажриба оммалашмоқда. Натижада қанчадан-қанча қақроқ майдонларга жон кириб, ям-яшилликка бурканаяпти.

Омилкорликда ўрнак бўлувчилар Муборак туманида ҳам топилади. Шу йилдан бошлаб фаолият юритаётган "Ташаббускор тадбиркор" фермер хўжалигида қўл урилган ишлар ҳам эътиборга сазовор. Хўжаликка ажратилган 20 гектардан зиёд майдон суғорилмайдиган лалми ерлар ҳисобланади. Деҳқонлар вақтни беҳуда ўтказмай ерга обдан ишлов беришган, яхши ният билан деҳқончилик бошлашган эди. Бу машаққатли ишнинг уддасидан чиқишгани палак ёзган қовуну тарвузлардан ҳам маълум.

 

- Артезиан қудуқ қазиб, сув чиқариб, суғориш масаласини самарали ҳал этдик, - дейди хўжалик иш бошқарувчиси Зафар Умаров. - Кўп ўйлаб ўтирмадик, полиз маҳсулоти етиштиришга қатъий тўхталдик. 50 сотих жойда иссиқхона ташкил этиб, уруғдан кўчат кўпайтиришни шу ерда бажардик. Кун илий бошлаган кезларда уларни очиқ майдонга плёнка остига кўчирдик. 5 гектар жойга тарвуз, қолганига қовун экканмиз. Турган гапки, бу бизга одатдагидан кўра эртачи ҳосил йиғиштириб олиш имконини беради. Қовун-тарвуз кечи билан июнь ойи бошларида пишиб етилади. Сифатли маҳсулот олиш учун барча чорани кўрдик, зарур агротехник тадбирларни бажардик. Ҳосилдорлик юқори бўлиши учун ҳамма шароит ҳозирланган.

Масъулнинг сўзларига кўра, қовун ҳам, тарвуз ҳам экспортга мўлжаллаб парваришланмоқда. Шу боис сара навлар танлаб олинган. Асосийси, маҳсулотни сотиб олишга четдан харидор бор. Ҳосил пишиб етилган заҳоти даланинг ўзиданоқ пешма-пеш экспорт қилинади. Фермер хўжалиги мутасаддилари дуккаклилар, хусусан, нўхатга ҳам экспортбоп маҳсулот сифатида қараяпти. Негаки унга ташқи бозорда талаб юқори. Шуни ҳисобга олиб, келгусида бу йўналиш билан ҳам жиддий шуғулланиш мақсад қилинган. Қолаверса, истиқболда туячилик ва туяқушчилик сингари янги тармоқларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳудуд иқлими ҳам ҳар томонлама қулайлик туғдиради. Сут ва гўшт етиштириш бу фаолиятдан кўзланган асосий муддаодир.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Manba: qashqadaryogz.uz

АЖДОДЛАРНИ ХОТИРЛАШ – МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан эрта тонгданоқ вилоят марказидаги “Мотамсаро она” мажмуаси ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Бу ерда элимизнинг Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минг-минглаб фидойи фарзандлари хотирасини ёд этиш учун давлат ва жамоат ташкилотлари жамоалари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик ва ёшлар жам бўлишди.

Мажмуага йиғилганлар ўтганлар хотирасига чуқур эҳтиром рамзи сифатида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Тадбир давомида урушнинг аянчли оқибатлари саҳналаштирилган кўринишда кўрсатиб берилди, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлашда жон фидо этган мард ўғлонлар ёдга олинди. Фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган жангчилар номлари зарҳар ҳарфларда битилган Хотира китоби кўздан кечирилди.

Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

 Manba: qashqadaryogz.uz

  Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Xususiylashtirish.

Xoh u bino, xoh yer bo‘lsin, uning bo‘sh turgani hech kimga ham naf keltirmaydi. Bunday mulkni shunchaki saqlab o‘tirishdan esa ma’ni yo‘q. Qaytanga foydalanilgani barchaga yaxshi. Aytaylik, bir tadbirkor qarovsiz yotgan imoratni tasarruf etib, ishlab chiqarishmi, xizmat ko‘rsatishmi, xullas, foydali ishni yo‘lga qo‘yganiga nima yetsin. Avvalo, bu holatda nafaqat ishbilarmonning o‘zi, shu jumladan, qo‘l ostidagi ishchilari ham manfaat ko‘radi, daromadli bo‘ladi. Qolaversa, yangi bir quvvat ishga tushsa, davlat budjetiga ham tushum ko‘payadi.

Mana bu manzara ham ko‘pchilikka tanish. Ancha yillar ilgari, bozor iqtisodiyotiga o‘tganimiz hamonoq, davlatga qarashli bo‘lgan aksar yirik quvvatlar faoliyatdan to‘xtab, butkul huvillab qolgandi. Yaqin-yaqingacha ham bir qanchasi ishlamay yotuvdi. Tayyor bino, u yer-bu yerini sal ta’mirlasa, korxonaga aylanadi-qoladi. Sotaman, desa, hammaning olishga qurbi yetmaydi bu mulklarni. Shuni hisobga olib, bugun yurtimizda bo‘sh turgan, qurilishi tugallanmagan ishlab chiqarish maydonlarini tadbirkorlarga sotishning samarali tizimi yaratilgan. Mazkur amaliyot dunyo tajribasida ham deyarli uchramasligi bilan ahamiyatli. Bu turdagi davlat mulklari qiymati "nol"ga tenglashtirildi. Talabgor bo‘lsa, olib ishlatsin. Talabi esa investitsiya kiritish, samarali biznes tashkil etish, odamlar bandligini ta’minlash.

Shuni ishonch bilan aytish mumkinki, bu amaliyotning keng qo‘llangani ishbilarmonlarga ham juda ma’qul keldi. Salohiyatli investorlar harakatga tushdi. Bo‘sh turgan obyektlar bo‘yicha takliflar salmog‘i sezilarli ortdi. Fikrimiz tasdig‘i sifatida quyidagi raqamni keltirsak. Birgina o‘tgan yili viloyatimizda ana shunday 69 ta davlat mulki "nol" xarid qiymatida tadbirkorlarga berilgan. Ularga muayyan muddatda olingan mulkka sarmoya yo‘naltirish, yangi ish o‘rni yaratish majburiyati yuklangan.

Jumladan, ushbu obyektlarga tegishli davrda jami 42,3 milliard so‘m miqdorida qurilish-ta’mirlash va asbob-uskunalar ko‘rinishida investitsiya kiritish ko‘zda tutilgan. Har bir loyiha bo‘yicha aniq taklif shakllantirilgan. Fursat o‘tib, bo‘sh turgan obyekt negizida tadbirkorlikning u yoki bu yo‘nalishi ishga tushirilishi, natijada 717 nafar kishining foydali ish bilan mashg‘ul bo‘lishiga sharoit yaratilishi kerak.

- Umuman olganda, bugungi kunda viloyat bo‘yicha investitsiyaviy majburiyat bilan "nol" qiymatda sotilgan 107 ta obyekt mavjud, - deydi Davlat mulklarini boshqarish agentligi viloyat boshqarmasi bo‘lim boshlig‘i To‘lqin Oltiboyev. - Ishbilarmonlar ilgari surgan loyihalarga asoslansak, bo‘sh turgan mulklarga umumiy hisobda 5 million 367 ming AQSH dollari hamda 113 milliard so‘m miqdorida mablag‘ jalb etilishi kerak. Tashabbuslar ro‘yobga chiqishi evaziga esa 1840 ta yangi ish o‘rni tashkil etilishi mo‘ljal qilingan. Albatta, tadbirkor o‘z zimmasidagi majburiyatni qanday ado etayotgani doimiy nazoratda. Tegishli tashkilot va mahalliy hokimliklar bilan hamkorlikda bu bo‘yicha muntazam monitoring olib borilmoqda. O‘rganishlarimiz natijasida "nol" qiymatda taqdim etilgan obyektlarga hozirgacha investorlar tomonidan 3 million 836 ming AQSH dollari hamda 62,1 milliard so‘m miqdorida mablag‘ kiritilgani ma’lum bo‘ldi. Sarmoya asosan bino-inshootda qurilish-ta’mirlash ishlarini bajarishga, zamonaviy uskunalarni xarid qilib o‘rnatishga sarflangan. Ayrim loyihalarning muvaffaqiyatli nihoyalanishi natijasida ayni paytda 340 kishi doimiy ishli bo‘lgan.

Qayd etish joiz, Kosondagi shu vaqtgacha tuman obodonlashtirish   boshqarmasi balansida bo‘lgan tegishli bino ham anchadan buyon foydalanilmay turgandi. Bir yil avval mazkur davlat mulki tanlov savdosiga qo‘yilgan. "Shohruh Fayz Shifo" mas’uliyati cheklangan jamiyati mulkdori shu tanlovda qatnashib, eng yaxshi biznes taklifini bergan va g‘olib bo‘lgandi. Tadbirkor bilan imzolangan oldi-sotdi sharotnomasiga ko‘ra, qarovsiz bo‘lgan ishlab chiqarish maydoni 1 yil muddat ichida butkul o‘zgacha ko‘rinish olib, odamlar qadami uzilmaydigan tibbiy xizmat ko‘rsatish markaziga aylanishi darkor edi. Investor ham xo‘jako‘rsinga ish qilishni emas, balki qat’iy maqsadni o‘z oldiga qo‘ygani bugungi kunga kelib oydinlashdi. Bo‘lmasa, rejadagi 370 million so‘m o‘rniga 400 million so‘m mablag‘ sarf etib o‘tirmasdi. Quvvat ishga tushgan, faoliyat ko‘rsatilmoqda. Hozirda ushbu xususiy tibbiyot muassasasida 16 nafar ishchi-xodim mehnat qilayapti.

Boshqa bir tadbirkorlik subyekti - Muborak tumanida faoliyat yurituvchi "Odil Rayimqulov Komilovich" mas’uliyati cheklangan jamiyati mulkdori ham o‘z majburiyatini ortig‘i bilan uddalay oldi, deyish mumkin. 2 yilga 1,1 milliard so‘m miqdorida investitsiya kiritish va 20 ta yangi ish o‘rni yaratish talabi qay darajada ado etilganiga baho bersak.

- Biz "nol" xarid qiymatida olgan davlat mulki tumanimizning Geolog mahallasi hududida joylashgan "Sechankul" bazasining bo‘sh turgan bino-inshootlaridir, - deydi korxona rahbari Komil Rayimqulov. - Avval boshdanoq ushbu obyekt negizida ishlab chiqarishni tashkil etishni maqsad qilgandik. Barcha sa’y-harakatlarni shunga qaratdik. Faoliyat yo‘nalishi sifatida polipropilen va polietilen quvurlar ishlab chiqarish tanlangan. Mahsulot turi ham 20 xildan oshadi. Buning uchun 1,5 milliard so‘mlik investitsiya olib kirdik. 20 nafar odamni esa ish bilan ta’minladik. Joriy yilning fevralida loyihamiz to‘liq ishga tushdi. Mahsulotimizni ichki bozorga berayapmiz.

Darhaqiqat, mamlakatimizda qulay ishbilarmonlik muhiti mustahkamlanib borgani sari davlat tasarrufidagi faoliyatsiz obyektlarga talab va ehtiyoj ham o‘sib borayapti. Shunday bir paytda, faqatgina joy muammosi tufayli istiqbolli tashabbuslarning amalga oshmay qolishi mumkin emas. O‘z navbatida bu omillar shu choqqacha ishlab turgan tizimni yanada takomilga yetkazish, barcha uchun bir xil imkoniyat va shaffoflikni ta’minlashni taqozo etdi.

Prezidentimizning 2018-yil 11-oktabrdagi "Davlat mulki obyektlarini va yer uchastkalariga bo‘lgan huquqlarni tadbirkorlik subyektlariga sotish tartibini soddalashtirish bo‘yicha qo‘shimcha chora-tadbirlar to‘g‘risida"gi Farmoni shu masalaga qaratilgani bilan ahamiyatli bo‘ldi. Shuningdek, mazkur hujjat tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish uchun foydalanilmayotgan davlat mulki obyektlari va yer uchastkalariga bo‘lgan huquqlarni tadbirkorlik subyektlariga sotishni jadallashtirishga keng imkon berdi.

Farmonga asosan bo‘sh turgan davlat ko‘chmas mulk obyektlarini baholamasdan, 1 so‘mga teng qiymatdagi boshlang‘ich narxda "E-IJRO AUKSION" elektron savdo maydonchasiga chiqarish orqali investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlarni belgilagan holda sotish tartibi joriy etildi. Shuningdek, kamida 1 million AQSH dollari ekvivalentidagi investitsiyaviy loyihalarni amalga oshirish uchun auksion o‘tkazmasdan, investor bilan to‘g‘ridan-to‘g‘ri muzokaralar orqali investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlar belgilagan holda yer uchastkalarini berish va bo‘sh turgan davlat ko‘chmas mulki obyektlarini sotish to‘g‘risida qarorlar qabul qilish vakolati viloyatlar hokimlariga berildi. Bu yangilik xususiylashtirish jarayonini yangi bosqichga ko‘tarishga xizmat qildi, deyish mumkin.

Boshqarma ma’lumotiga ko‘ra, davlatimiz rahbari farmoni ijrosini ta’minlash maqsadida viloyat bo‘yicha 2018-yil va 2019-yilning o‘tgan davrida xususiylashtirish   dasturlariga kiritilgan 35 ta bo‘sh turgan davlat ko‘chmas mulk obyekti qayta bahonlamasdan,   1 so‘mga teng qiymatdagi boshlang‘ich narxda investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlarni belgilagan holda "E-IJRO AUKSION" elektron savdo maydonchasiga chiqarilgan. Shundan 28 tasi 435 million so‘m sotib olish to‘lovlarini amalga oshirish, 10,18 milliard so‘m va 67,2 ming AQSH dollari miqdorida investitsiya kiritish hamda 223 yangi ish o‘rni yaratish majburiyatlari bilan sotilgan.

Shu bilan birga, ushbu hujjat talablariga asosan, viloyatdagi 3 ta bo‘sh turgan davlat mulki obyekti kamida 1 million AQSH dollari ekvivalentidagi investitsiyaviy loyihalarni amalga oshirish buyicha taklifi bo‘lgan tadbirkorlarga taqdim etildi. Ular bilan jami 8,5 milliard so‘m va 2,4 million AQSH dollari miqdorida sarmoya yo‘naltirish hamda 125 nafar kishining bandligi ta’minlash sharti bilan to‘g‘ridan-to‘g‘ri shartnomalar tuzilgan.

Misol uchun, Yakkabog‘ tumani Ibn Sino mahallasi hududida joylashgan, bo‘sh turgan (sobiq tuman yuqumli kasalliklar shifoxonasi) binosi ishbilarmonga qiymati 1 million AQSH dollari ekvivalentidagi tashabbusni hayotga tatbiq etish majburiyati bilan berilgan.

- Bu biz uchun juda qulay bo‘ldi, tanlovda qatnashmay, to‘g‘ridan-to‘g‘ri muzokara olib borib, obyektni foydalanish uchun olishga erishdik, - deydi shu tumandagi "Pattayev medikal sentr" MJCH rahbari Suhrob Pattayev. - Yashirmayman, ko‘pdan beri ishlatilmasdan turgan mazkur obyektda o‘z tadbirkorlik faoliyatimni yo‘lga qo‘yishni o‘ylab yurgandim. Maqsadim - chekka bir hududda zamonaviy talablarga mos keluvchi tibbiy xizmat ko‘rsatishni tashkil etish. Bugun yurtimizda xususiy tibbiyotga alohida e’tibor qaratilayotgani ham menga qo‘l keldi. Asosiysi, soha tanish, mutaxassisligim bo‘yicha onkolog-shifokorman. 3-4 yil poytaxtda ishlab tajriba orttirdim. Endilikda tumanimiz aholisiga malakali tibbiy xizmat taqdim etishni reja qilganman.

Tadbirkorning aytishicha, mazkur yirik loyihani 3 yilda bir necha bosqichda ro‘yobga chiqarish ko‘zda tutilgan. Dastlab laboratoriya-tashxislash xizmati yo‘lga qo‘yiladi. Keyinchalik bir qancha tor ixtisosliklar bo‘yicha statsionar tartibda davolashni tashkil etish mo‘ljal qilingan. Yana bir ahamiyatli jihati, bu loyiha faqat xizmat ko‘rsatish bilan cheklanib qolmaydi. Ishbilarmon farmatsevtika sanoatida ham o‘zini sinab ko‘rmoqchi. Dori vositalari va preparatlar ishlab chiqarish, xususan, dorivor o‘simliklarni qadoqlash sexini ishga tushirish shular jumlasidan. Loyiha to‘liq amalga oshishi 25 kishining foydali mehnat bilan mashg‘ul bo‘lishiga imkon berishi lozim.

Gapning indallosini aytganda, davlat mulkini xususiylashtirish jabhasida olib borilayotgan bu kabi islohot va o‘zgarishlar o‘z samarasini bermay qolmaydi. Amaliyot bo‘yicha ijobiy natijani bir qadar ko‘rib-bildik ham. Faqat endilikda investorlar o‘zlariga berilayotgan imkoniyatlar, mavjud resurslardan unumli va maqsadli foydalana olsa bo‘lgani. Zero, ularning tashabbuslari avvalo o‘zlari foydasiga, keyin iqtisodiyotimiz rivojiga ham xizmat qiladi.

Mirzohid JO‘RAYEV

Manba: qashqadaryogz.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING FARMONI
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASIDA 2022 YILDA AHOLINI ROʻYXATGA OLISHNI OʻTKAZISH KONSEPSIYASINI TASDIQLASH TOʻGʻRISIDA
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING QARORI
DAVLAT BOSHQARUVINING OCHIQLIGI VA SHAFFOFLIGINI TA`MINLASH HAMDA MAMLAKATNING STATISTIKA SALOHIYATINI OSHIRISH YUZASIDAN QO`SHIMCHA CHORA-TADBIRLAR TO`G`RISIDA
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING PQ-3165-SON QARORI
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI DAVLAT STATISTIKA QO`MITASI FAOLIYATINI TAKOMILLASHTIRISH CHORA-TADBIRLARI TO`G`RISIDA